Тожикистон Тошкент билан муносабатни ўнглашга кўмак сўради

Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчиси Асомуддин Саидов Ўзбекистон билан юзага келган можаровий вазиятни ўнглаш учун қўшни давлатлардан кўмак сўради.

CA-NEWS агентлиги хабарига кўра, элчи Саидов бу ҳақда бугун Тожикистоннинг Бишкекдаги элчихонасида ўтказилган брифинг пайти гапирган.

Саидов бугунги чиқишида, Ўзбекистон ўз ҳаракатлари билан Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётганини қайд қилган.

“Мавжуд вазият сақланиб қоладиган бўлса, Тожикистон халқининг аҳволи ёмонлашиши ва мамлакатда гуманитар фалокат хавфи юзага келиши мумкин”лигини айтган Саидов.

Асомуддин Саидовга кўра, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, давлатлараро муносабатлардаги долзарб муаммоларни ечиш борасида Тожикистоннинг уринишларига қарамай, Ўзбекистон зиддиятли муносабатларини давом эттириб, иқтисодий, транспорт-коммуникация йўналишларида ўзига маъқул қарорларни қабул қилишдан тўхтатмаяпти.

4 апрел куни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев тожик ҳамкасбига расмий мактуб йўллаб, Тожикистон томонидан билдираëтган эътирозларнинг бирортасида асос йўқлигини таъкидлади.