Ўзбекистон ҳаво йўллари Мумбайга янги рейс очишни режаламоқда

Ўзбекистон ҳаво йўллари 3-4 ой ичида Тошкент ва Самарқанддан Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрига самолётлар парвозини йўлга қўйишни режаламоқда.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги консули Вижай Калантри айтганига асосланиб The Hindu Интернет нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон самолётларининг Мумбайга парвоз қилишига рухсат олиш билан боғлиқ ҳужжатлар Ҳиндистон томонидан тайёрлаб бўлинган.

Ҳозир Ўзбекистон ҳаво йўллари авиаширкатига қарашли самолётлар Тошкент-Деҳли ва Тошкент-Амритсар шаҳарлари ўртасида йўловчилар ташимоқда.

Жорий йил январида Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Деҳлидаги вакили Отабек Отабоев Тошкент-Деҳли ўртасида рейслар кўпайиб, ҳафтасига еттита парвоз амалга оширилишини мухбирларга маълум қилган эди.

Отабоевга кўра¸ Ўзбекистон ҳаво йўллари 2010 йилда Тошкент-Деҳли ўртасида 16,895 йўловчи ташган бўлса¸ 2011 йилнинг 11 ойи давомида 25,871 нафар йўловчи ташиган.