Ўзбекистон хориж сармоядорларига янги кафолатларни тақдим қилди

Ўзбекистон президенти “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонни имзолади.

2012 йил 10 апрел куни имзоланган фармонга мувофиқ хорижий сармоядорлар учун мамлакатдаги шароитни яхшилаш ва янада кўпроқ сармояни жалб этиш учун янги кафолат ва имтиёзлар ваъда қилинмоқда.

Жумладан, нақд пул шаклидаги сармояси 5 миллион АҚШ долларидан ошиқ бўлган хорижий сармоядорлар учун 10 йил давомида ширкатлари давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда амалда бўлган солиқларнигина тўлаши ва бу даврда тўловлар билан боғлиқ ўзгаришлар уларга дахл қилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги вазирликлар, маҳаллий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, банкларга хорижий сармоядорлар ҳамда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар ўрнатиш ҳам қатъиян тақиқланди.

Хориж сармоядорлари учун виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ имтиёзлар ҳам ваъда қилинди.

Ўзбекистондаги тегишли расмий идораларга бир ой ичида мазкур фармон асосида мавжуд қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифаси юклатилди.