Ўзбекистон паррандачиликни ривожлантирмоқчи

Жорий йил давомида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат бўйлаб 293 та паррандачилик фермаси ташкил этишни режаламоқда. Шу мақсадда мамлакат банкларининг 10 миллиард сўмдан кўпроқ (тақрибан 5¸4 миллион АҚШ доллари) қарз ажратиши айтилмоқда.

Паррандачиликни ривожлантириш бўйича ҳукумат лойиҳасига кўра¸ Ўзбекистонда парранда сони 756 000 та¸ тухум етиштириш 66 миллион дона¸ парранда гўшти миқдори эса 320 тоннага еткизилади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Паррандачилик бошқармаси раҳбари Улуғбек Исмоиловнинг матбуотга билдиришича¸ Тошкент ҳукумати паррандачилик соҳасига ривожланган технологияларни жалб қилмоқда ва келаси 5-7 йил ичида Ўзбекистон паррандачилик бўйича МДҲ ҳудудидаги энг ривожланган давлатга айланади.

Исмоиловнинг даъво қилишича¸ Ўзбекистон ҳукуматининг паррандачиликни ривожлантириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаëтгани натижасида 2011 йилда мамлакатда парранда маҳсулотлари нархи ўртача 15 фоизга арзонлаган.