Уруш қатнашчиларига 400 000 сўмлик мукофот бериладиган бўлди

18 апрел куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонга қўл қўйди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан чиқарилган мазкур фармонга кўра¸ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 400 000 сўм миқдоридаги бир марталик мукофот пули берилади.

Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджетидан олинишини таъкидлаган Ўзбекистон президенти қатор вазирлик ва идораларни бу мукофотнинг тантанали топширилиши учун масъул этиб белгилади.

Хотира ва қадрлаш кунининг республика бўйлаб турли тадбирлар орқали байрам қилиниши таъкидланган фармон ижросини назорат қилиш Бош вазир Шавкат Мирзиëев зиммасига юклатилди.

Ҳозирда Ўзбекистонда иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан неча нафари қолгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.