Саудия Арабистони вакили Ўзбекистон расмийлари билан учрашди

Саудия Арабистони Қироллиги Маслаҳат кенгаши раиси Абдулла бин Муҳаммад Ал аш-Шайх.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Саудия Арабистони Қироллиги Маслаҳат кенгаши раиси Абдулла бин Муҳаммад Ал аш-Шайх билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 24 апрел кунги мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва икки томонлама муносабатларнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинган.

Сўзлашувда долзарб халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашилган.

Учрашувда Саудия Арабистони Қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдураҳмон бин Андулла аш-Шае ҳам иштирок этган.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи 4125 нафар зиёратчи "Кичик ҳаж" амалини бажариш учун 1 мартдан 21 апрелга қадар Саудия Арабистонида бўлди.

Муқаддас Ҳаж зиёрати амалларини бажариш мақсадида ҳар йили беш минг ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига боради.