“Одноклассники.ру” ўзбек тилига таржима қилинди

“Одноклассники.ру” Интернет ижтимоий тармоғининг мобил версияси ўзбек тилига таржима қилинди.

Бу ҳақда тармоқнинг маркетинг ва ижтимоий стратегиялар бўлими раҳбари Александр Изрядинов сешанба куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Изрядиновга кўра, айни дамда Ўзбекистонда ҳар ойда 2 миллиондан зиёд фойдаланувчи Одноклассники.ру тармоғига киради. Уларнинг 1.5 миллиони, яъни 77 фоизи тармоқдан мобил ускуналар орқали фойдаланади.

Айнан мобил ускуналар орқали кирувчиларнинг сони юқори бўлганлиги боис ҳам тармоқнинг мобил версияси ўзбек тилига таржима қилингани айтилмоқда.

Одноклассники.ру вакилига кўра, жорий йилнинг июн ойидан бошлаб тармоқнинг асосий Интернет саҳифаси ҳам ўзбек тилида ишга туширилади.

Бош қароргоҳи Москвада жойлашган Одноклассники.ру сайти ўзбекистонликлар тарафидан энг кўп фойдаланилган онлайн тармоқдир. Сайтда рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 2.5 миллиондан зиёд. Қиёс учун, Фейсбук ижтимоий тармоғида 127 минг ўзбекистонлик рўйхатдан ўтган.