Чернобил фожиасига 26 йил тўлди

Инсоният тарихида энг мудҳиш атом фожиаси, дея аталган Чернобил ҳалокатига бугун 26 йил тўлди.

1986 йилнинг 26 апрелида Чернобил АЭСида рўй берган портлаш оқибатида Украина, Беларус ва Россия ғарбидаги минтақаларда яшовчи юз минглаб аҳоли эвакуация қилинган.

Украина ва Белорусдан ташқари Европанинг катта ҳудудига радиоактив булут тарқалган эди.

Совет ҳукумати дастлаб Чернобил фожиаси ҳақиқий кўламини яширишга уринди. Бироқ орадан икки кун ўтиб, аҳоли эвакувацияси эълон қилинди ва 330 минг одам бошқа жойларга кўчирилди.

БМТ берган маълумотларга кўра, Чернобил фожиаси оқибатида тахминан 4 минг одам ҳалок бўлган.

Чернобил оқибатларини бартараф этиш учун турли давлатлардан жами ярим миллион киши сафарбар қилинган эди.

Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишда 10 мингга яқин ўзбекистонлик иштирок этган. Улар орасида 50-60 нафар аёл ҳам бўлган.

Аксари мажбурий равишда бу ишларга олиб кетилган ўзбек чернобилчиларидан бугунги кунда 728 киши қолди. Уларнинг ҳам ҳаммаси ногирон.