Тошкент маҳбуслар исёнига оид маълумотларни рад этмоқда

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкентда маҳкумлар исён кўтарганига оид маълумотларни рад этди. РИА Новости агентлигининг мазкур вазирликдаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, Тошкентнинг Шимолий вокзалида шанба куни аксилтеррорчилик машқлари ўтказилган.

Шанба куни даставвал Фергананюьс ахборот агентлиги сайтида, кейин эса Россияда фаолият юритувчи бошқа қатор нашрларда Ўзбекистон пойтахтида этап қилинаётган маҳкумлар поездда исён кўтаргани ва улар БТРдан ўққа тутилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Айни пайтда Фергананюьс ахборот агентлиги ўз гувоҳлари сўзларига таянган ҳолда Тошкентнинг Шимолий вокзалида ўқ овозлари шанба куни эмас, балки жума куни эшитилганини, шу важдан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги баёноти яна кўплаб саволлар пайдо қилаётганини қайд этади.