Халқаро Амнистия ЕИнинг Тошкентга нисбатан муносабатини танқид қилди

Андижон воқеаларига 7 йил тўладиган 13 май арафасида Халқаро Амнистия ташкилоти расмий Тошкентга босим ўтказмаётган Европа Иттифоқи фаолиятини танқид қилди.

Ташкилотнинг кеча тарқатилган баёнотида етти йил мобайнида Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ топташда давом этаётган Ўзбекистондаги режимга нисбатан ўз позициясини тобора юмшата боргани юзасидан таассуф изҳор этилади.

“Биз Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганига кўз юмаётганидан ташвишдамиз. Каримов режими ўз халқаро мажбуриятлари ва Европа Иттифоқи имзолаган инсон ҳуқуқлари бўйича стандартларга риоя қилмаётганига қарамай, ЕИ барча санкцияларни бекор қилди ва Андижон воқеалари бўйича текширув ўтказишга чақирмай қўйди. Европа Иттифоқи Каримов режимини тўла масъулиятга чорлаш вақти келди”, дейилади Халқаро Амнистия баёнотида.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда намойиш иштирокчилари ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Андижон воқеаларида 187 киши ҳалок бўлган. Аммо норасмий манбалар ҳалок бўлганлар сонининг бундан бир неча баробар кўп бўлганини таъкидлаб келадилар.