Истанбулда Каримовни маҳкамага тортиш талаб этилди

Андижон қирғинининг етти йиллиги арафасида Истанбулда бир орага келган туркиялик ва ўзбекистонлик фаоллар 2005 йил 13 май куни Андижонда тинч намойишчиларнинг ўлдирилишида айбдор шахсларни топиш ва жазога тортишни талаб қилдилар.

Туркиядаги бир қатор нодавлат ташкилотлари ва ўзбек мухолифат гуруҳларини ўзида бирлаштирган "Озод Ўзбекистон дўстлари" ташкилоти БМТ Халқаро Жиноят Маҳкамасига Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни маҳкамага тортиш ҳақидаги талабномани топширганлар.

- Ушбу талабномани биз бошқа халқаро ташкилотлар ва Туркия ҳукуматига ҳам йўлладик, - деди ташкилот фаоли Адем Челик.

Бундан 7 йил муқаддам Андижонда намойишга чиққан минглаб одам ўққа тутилган. Ҳукумат аксари экстремистлар бўлган 187 одам ўлганини айтиб келади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳалок бўлганлар сони бундан бир неча баробар кўп ва улар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам бўлган.