АҚШ Ўзбекистондаги инсон хуқуқларига кўз юммасликка чақирилди

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров АҚШ ҳукуматини Марказий Осиё мамлакатларидаги, айниқса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга кўз юммасликка чақирдилар.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров 15 май куни Вашингтондаги Хелсинки Комитетида қилган чиқишида Ўзбекистон билан сиёсий ва ҳарбий алоқаларни яхшилаётган АҚШ ҳукуматини мамлакатдаги топталаётган инсон ҳуқуқларини ҳам эътибордан четда қолдирмасликка даъват этди.

- АҚШнинг Ўзбекистон билан бўлган ҳарбий алоқаларининг яхшилашиши инсон ҳуқуқлари борасидаги чинакам ижобий ўзгаришлар билан узвий боғлиқ бўлиши керак, - деди Санжар Умаров.

Хелсинки комитети аъзоси Стефен Коен Марказий Осиё режимлари билан алоқаларни яхшилаш мақсадида у ердаги инсон ҳуқуқларига эътибор қаратмаётган Оқ уйни "маънавий жиҳатдан етказилаётган зарар"га кўз юммасликка чақирди.

АҚШда бошпана топган Санжар Умаров 2005 йили иқтисодий жиноятларда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 2009 йил халқаро ташкилотлар босими натижасида қамоқдан озод қилинган эди.