Тошкентда 14 аёлни зўрлаб, ўлдирган гуруҳ ҳибсга олинди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида сўнгги бир йил давомида жами 14 аёлни зўрлаш ва ўлдирганликда айбланиб уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Бу ҳақда РИА Новости Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб хабар тарқатди.

Ушланган гуруҳ уч кишидан иборат бўлиб, гуруҳ аъзолари 30 ёшлардаги икки йигит ва йигитлардан бирининг онасидан иборат.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага кўра, қўлга олинган уч киши Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, ўз жиноятини сўнгги бир йил давомида амалга оширган.

Жиноий гуруҳ битта машинадан такси сифатида фойдаланиб, ёлғиз аёл таксига ўтиргач, уни одам кам жойга олиб бориб, зўрлаган, кейин ўлдирган.

"Бир йилдан кўпроқ вақт давомида улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 14 аёлни зўрлаб ўлдирган" дейди Ўзбекистон ИИВдаги манба.

Жабрланган 14 аёлнинг қимматбаҳо буюмларини жиноятчи йигитлардан бирининг онаси ўзлаштириб келган.

Дастлабки тергов жараёнида ушбу аёл уйидан топилган буюмдан ўлдирилган аёллардан бирининг қон излари топилган.

Айни пайтда мазкур воқеалар бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.