Ўзбекистон Футбол федерацияси солиқ ва тўловлардан озод қилинди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Футбол федерациясини уч йилга солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистон Футбол федерацияси стадионларни реконструкция қилиш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар, материаллар ва бошқа буюмларни хориждан олиб келган тақдирда, улар учун божхона тўлови тўламайди. Шунингдек, федерация ягона ижтимоий тўловдан ташқари бошқа барча солиқ ва йиғимлардан озод қилинади.

Солиққа мўлжалланган маблағлар футбол ривожи учун йўналтирилиши, уларнинг не қадар мақсадга мувофиқ ишлатилаётганини назорат қилиш эса Давлат солиқ қўмитаси зиммасига юклатилиши айтилмоқда.

Мазкур қарор Ўзбекистон футбол клубларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган таъкидланган.

Вазирлар Маҳкамаси шу каби қарорни аввалроқ, аниқроғи, 2009 йил апрелида ҳам қабул қилганди.