"Czech Airlines" Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади

“Чех ҳаво йўллари” (Czech Airlines - ČSA) миллий авиаширкати Ўзбекистонда ўзининг расмий идорасини очишни режаламоқда.

Чех Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги авиаширкатнинг яқин фурсатда Тошкентда очиладиган расмий ваколатхонасини рўйхатга олган.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда “Чех ҳаво йўллари” авиаширкати номидан Travel System ширкати иш юритиб келмоқда.

“Чех ҳаво йўллари” самолётларига чипталарни сотиш бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистондаги минтақавий бошқарувчи этиб Вацлав Шилган тайинланди.

ČSA самолётлари ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари Прагадан соат 13:30 да учади ва Тошкентга 22:00 да етиб келади.

Эртасига, яъни, пайшанба ва душанба кунлари Тошкентдан 02:50 да учган самолёт Прагага эрталаб соат 06:10 да қўнади.

2012 йил июн ойидан бошлаб ČSA шанба куни Тошкентга учинчи рейсни очишни режалаган.