Каримов матбуот ролини юқори баҳолади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов матбуотда берилаётган танқидий материалларга баҳо беришда “самарали тизим яратиш”ни таклиф қилди.

27 июн – Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан журналистларни табриклар экан, Каримов матбуотнинг халқ дунёқарашини кенгайтиришдаги ҳиссасини юқори баҳолади.

Президент сана муносабати билан эълон қилган табрик хатида “жамоатчиликнинг энг долзарб материалларга эътиборини жалб қилиш учун, биринчи навбатда, самарали ишлайдиган тизимни яратиш лозим”, деган фикрларни илгари сурди. Президент фикрича, журналистлар уюшмаси матбуотда бериб борилаётган долзарб материалларни ҳар чоракда баҳолаб, натижаларини матбуотда эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бунда, дейилади Каримов табригида, таҳлилий, танқидий материалларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон матбуоти энг бўғилган ва давлатнинг тўла назоратида бўлган мамлакатлар қаторига киради. Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ўтган ой бошида президент Ислом Каримовни “Матбуот кушандалари” рўйхатига қўшди.

Freedom House, Журнаслитларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби халқаро ташкилотлар ҳам матбуот эркинлигига оид рейтингларда Ўзбекистонни мутазам энг охирги ўринларга қўйиб келади.