БМТ ваколатхонаси ўзбек репперлари учун танлов эълон қилди

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёшлар орасида RNB, RAP ва FREESTYLE услубида ёзилган энг яхши қўшиқлар учун танлов эълон қилди. Бу ҳақда Podrobno.uz сайти хабар қилади.

Танловга тақдим этиладиган қўшиқлар муаллифлик асарлари бўлиши керак. Иштирокчилар танловга гендер тенглиги, ОИТСга қарши кураш, атроф-муҳит муҳофазаси, саломатлик, таълим, турмуш даражасини кўтариш мавзуларига бағишланган оригинал мазмундаги қўшиқларни тақдим этишлари лозим.

Ғолиб қўшиқчи бирор юлдуз хонанда билан бирга клип суратга олиш имкониятини қўлга киритади, энг яхши иштирокчилар эса iPAD, видеокамера ва шу каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Танловда 14 ёшдан 27 ёшгача бўлган нопрофессионал ижрочиларгина қатнашиши мумкин. Қўшиқ ёзуви ўзбек, рус ва инглиз тилларида мавжуд барча аудио ва видеоформатларда қабул қилинади. Айни пайтда ғайриаҳлоқий сўзлар, зўравонлик тарғиби акс этган қўшиқлар танловда кўриб чиқилмаслиги айтилмоқда.

20 июлгача ариза топшириш мумкин бўлган танлов натижалари Халқаро Ёшлар куни бўлмиш 12 август арафасида чиқарилади.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда RNB, RAP ва FREESTYLE услубида айтилган қўшиқлар кўп танқид қилинди. Маҳаллий санъат намояндаларига кўра, бундай қўшиқларда ўзбек халқи зеҳниятига ёт бўлган унсурларни кўп учратиш мумкин.