Ўзбекистон-Жанубий Корея учрашувини австралиялик ҳакамлар бошқаради

Футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш 4-босқичининг 4-тур баҳслари доирасида ўтадиган Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги ўйинни австралиялик ҳакамлар бригадаси бошқаради.

Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси маълум қилди.

11 сентябр куни Тошкентда ўтадиган учрашувда рефери Бенжамин Уилямс бош ҳакамлик қилади. Унга қанотларда Меттю Крим ва Ҳоқон Аназ ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Кристофер Бизз кўрсатилган. Австралиялик ҳакамлар ишини сингапурлик Шамсул Майдин назорат қилади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йили Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионати саралаш 4-босқичи “А” гуруҳида икки учрашувдан сўнг бир очко билан 4-ўринда бормоқда. Жанубий Корея терма жамоаси эса ҳисобида олти очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.

11 сентябр куни Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйинидан ташқари, Ливан ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам бўлиб ўтади.