Франция мудофаа вазири Ўзбекистон президенти билан учрашди

Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан

Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан бошчилигидаги делегация душанба куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Учрашув давомида қатор масалалар, жумладан, НАТО ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш режаси муҳокама этилган.

Ҳарбий алянс Афғонистондаги аскарлари ва уларга тегишли бўлган техникани Ўзбекистон орқали Европа ва АҚШга олиб чиқишни режалаштирмоқда.

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози Ўзбекистон тарафини транзит йўли учун ҳаддан зиёд катта пул талаб қилаётганини айтган эди.

Франция мудофаа вазири ва Ўзбекистон президенти НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг Марказий Осиёдаги эҳтимолий хавфсизлик муаммоларини ҳам муҳокама этишди.