ҲРУ Россияни Ўзбекистон фуқаросини ватанига экстрадиция қилмасликка чақирди

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Россия ҳукуматини халқаро қонунларга риоя қилишга ва Ўзбекистон фуқаросини ватанига экстрадиция қилмасликка чақирди.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган ташкилотга кўра, Юсуф Қосимохунов Ўзбекистонга қайтарилса, қийноққа солиниши мумкин.

2012 йилнинг 19 апрелида Россия Бош прокуратураси Юсуф Қосимохуновни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида қарор чиқарган.

18 июл куни Россия Олий судида Қосимохуновнинг экстрадиция ишини қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Халқаро Амнистия ташкилоти Ҳизб ут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб, 7 йил 4 ой қамоқ жазосини ўтаб чиққан Юсуф Қосимохуновни айни айбловлар асосида Ўзбекистонга бериб юбориш ҳақидаги Россия Бош прокуратураси қарори юзасидан хавотир билдирган эди.