Рефери Равшан Эрматов Лондонга учиб кетди

Осиёнинг сўнгги тўрт йилликдаги энг яхши ҳаками Равшан Эрматов Лондонда ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун 17 июл куни Буюк Британияга учиб кетди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси маълум қилди.

Лондонда Эрматовга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик рефери Баҳодир Қўчқоров ёрдам беришади.

Олимпиадага сўнгги тайёргарлик сифатида Эрматов жамоаси Ўзбекистон иккинчи лигасида иштирок этувчи “Пахтакор-2” ва “Қанот” футбол клублари иштирокидаги ўйинда ҳакамлик қилишди.

25 июл куни бошланадиган олимпиаданинг футбол мусобақасида 16 мамлакат кураш олиб боради.

2010 йили Жанубий Африка Республикасида ўтган Жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов очилиш ўйинини бошқарган ва умумий ҳисобда чемпионатнинг 5 та учрашувига реферилик қилган эди.