Ўзбекистонлик гимнастикачи Олимпиада мусобақасидан четлатилди

XXX Ëзги Олимпиада ўйинларида қатнашаётган Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Луиза Галиулина допинг тестидан ўта олмагани сабабли мусобақадан четлатилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси маълумотига кўра, 25 июл куни олинган допинг тест натижаси Галиулинанинг организмида таъқиқланган (диуретик препаратга алоқадор) фуросемид моддаси борлигини кўрсатган.

20 ёшли Луизанинг Олимпиада мусобақасида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги Интизом комиссиясининг якуний қарори иккинчи допинг тест натижаси маълум бўлганидан кейин эълон қилинади.