Ўзбекистонда ахлатни олиб кетиш нархи қимматлади

Бугундан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар учун ахлатларни олиб чиқиш хизматларининг нархи 35 фоизга қимматлади.

“Махсустранс” ширкати маълумотига кўра, 1 августдан Тошкент шаҳри аҳолиси учун чиқиндиларни олиб чиқиш нархи ҳар бир киши учун бир ойга1500 сўм қилиб белгиланган.

Корхона ва ташкилотлар учун бир метр куб ҳажмдаги маиший чиқиндини олиб чиқиш нархи 18009,1 сўм, хўжалик ҳисобидаги ташклотлар учун эса 22641,3 сўмни ташкил қилади.

Чиқиндилар билан боғлиқ янги тартибга кўра, бугундан бошлаб Тошкентда чиқиндиларни ахлат қутиларига саралаб ташлаш амалиёти қўлланила бошлайди.

Мажбурий экани айтилаётган янги тартибга кўра, чиқиндилар сараланиб, алоҳида рангли қутиларга ташланиши лозим.

Расмий маълумотларга кўра, 2,5 миллиондан зиёд одам истиқомат қиладиган пойтахт кўчаларидаги чиқинди уюмлари кейинги пайтларда оғриқли муаммога айланаётгани хусусида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кўплаб материаллар эълон қилинган.