“Ўзфармсаноат” соҳани ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширмоқчи

“Ўзфармсаноат” Давлат ҳиссадорлик ширкати 2012-2013 йилларда фармацевтика соҳасини ривожлантириш учун 290,5 миллион АҚШ доллари сарфлашни режаламоқда.

Буни “Ўзфармсаноат” бошқарув кенгаши раҳабри Мирзанозим Дўстмуродов маълум қилди.

Дўстмуродовга кўра, икки йил давомида фармацевтика соҳасида 39та янги лойиҳани амалга ошириш орқали ишлаб чиқарилаётган женерик дорилар сонини кўпайтириш мўлжалланган.

Ундан олдин “Ўзфармсаноат” 2011-2015 йилларда фармацевтика соҳасини 676,8 миллион долларлик замонавий ускуналар билан қайта жиҳозлаш орқали 100дан ортиқ янги тиббий дорилар ишлаб чиқариш режалангани маълум қилинган эди.

“Ўзфармсаноат” Давлат ҳиссадорлик ширкати 2011 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 36,4 фоизга оширган.

Ташкилот ҳисоботига кўра, ўтган йил давомида 265,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.