Лондон 2012: Ўзбекистонлик курашчи рақибига ютқазди

Лондонда XXX Ёзги Олимпиада ўйинларида давом этмоқда.

Юнон-рим курашчиларининг 55 килограммгача бўлган вазндаги 5 август кунги чорак финал беллашувида ўзбекистонлик Элмурод Тошмуродов венгриялик Модос Петерга 0:3 ҳисобида ютқазди.

Енгил атлетика бўйича 400 метрга тўсиқлар оша югуриш пойгасида ўзбекистонлик Наталия Асанова Олимпиада медали учун кураш олиб боради.

Енгил атлетикачилар беллашуви Тошкент вақти билан соат 23:08да бошланади.

Айни пайтда, Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар шарафига ўзбек маданияти кечаси ташкил этилди.

Хабарларга кўра, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси (“Fond Forum”) ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган.

Шу каби тадбир биринчи марта 2008 йилги Пекин Олимпиадасида ҳам ташкил қилинган эди.