Лондон-2012: Ўзбек спортчилари учун яна бир медалсиз кун

Лондон Олимпиадасининг 12-куни тўрт спорт тури бўйича беллашган Ўзбекистон спортчилари учун муваффақиятли келмади.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича 500 метрга аёллар ўртасидаги баҳсда ўзбекистонлик Юлия Борзова ярим финалга йўлланмани қўлга киритди, бироқ финал босқичига ўта олмади.

Найза улоқтириш бўйича беллашган енгил атлетикачи Анастасия Свечникова саралаш босқичидан чиқа олмади. Шахсий рекорди 61 метрдан ошиқроқ бўлган Свечникова Лондонда 51 метр 27 сантиметрлик натижани қайд этди.

Узоқликка сакраш бўйича аёллар ўртасидаги баҳсда қатнашган яна бир ўзбек енгил атлетикачиси Юлия Тарасова ҳам саралаш ўйинларидан чиқа олмади.

Бокснинг энг енгил вазн тоифасида беллашаётган ўзбекистонлик Жасурбек Латипов чорак финалда мўғулистонлик спортчига 15-10 ҳисобида мағлуб бўлди.

Медаллар бўйича пешқадамликни 34 олтин билан ҳамон Хитой сақлаб қолмоқда. АҚШ 30 олтин билан иккинчи, Буюк Британия 22 олтин билан учинчи ўринда. Ўзбекистон эса бир бронза билан 65-поғонага тушиб кетди.