Ўзбек-қозоқ чегарасида юзлаб юк машинаси навбат кутмоқда

Қозоғистон Божхона назорати қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича¸ 23 август куни ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Б.Конысбаев” божхона-текширув постида Ўзбекистон ҳудудига кириш учун навбат кутаëтган 140 дан ошиқ юк машинаси туриб қолган.

Қозоқ божхоначилари¸ юзага келган бу тиқинни Ўзбекистон транспорт қонунчилигига киритилган ўзгартишларнинг 1 августдан бошлаб кучга киргани билан изоҳламоқда.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ўзгартишга кўра¸ Ўзбекистон ҳудуди орқали халқаро юк ташувчи машиналар мамлакат ҳудудига кириш учун олдиндан махсус рухсатномага эга бўлиши шарт.

Юзага келган узун навбат оқибатида¸ қозоқ божхоначиларининг билдиришича¸ юк машиналарига ортилган истеъмол маҳсулотларининг сақланиш муддати манзилга етмай туриб ўтиб кетмоқда¸ махсус рухсатномаси борларнинг ҳам виза муддати тугаб қолмоқда.

Қозоғистон Божхона назорати қўмитаси юзага келган муаммони ҳал этишни сўраб¸ Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига расман мурожаат қилган.