Тошкентда мактаб директори ҳибсга олинди

Шу йилнинг 19 августи куни Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 94-мактаб директори Азиза Луқмонова пропискасиз оила фарзандини мактабга олиш учун боланинг онасидан 200 АҚШ доллари олаётганида Миллик хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинган.

Миробод тумани прокуратураси ўтказган дастлабки суриштирув хулосаларига кўра, 37 яшар Азиза Луқмонова дастлаб боласини мактабга бераётган онадан 500 АҚШ доллари сўраган. Тарафлар 200 АҚШ долларига келишишгач, она МХХ органига ариза берган.

Ўзини Наталья деб таништирган 94-мактаб қабулхонаси ходимаси Азиза Луқмонованинг 2008 йилдан бери мазкур русийзабон мактабга раҳбарлик қилиб келганини маълум қилди.

Ўзбекистон Жаҳон тиллари Университетини тамомлаган, 15 йиллик педагогик стажга эга бўлган Луқмоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

24 август куни Азиза Луқмонованинг тергов даврида ўз жонига қасд қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Аммо бу хабар Миробод тумани прокуратураси ҳамда ИИБнинг навбатчилик қисми томонидан на тасдиқланди, на рад қилинди.

Собиқ мактаб директорига қўйилган айблов исботини топса, у 10 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 7 феврал куни пойтахтнинг Ҳамза туманидаги 206-мактаб директори Хосият Муқимова мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик айби билан 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.