Паралимпия ўйинларида ўзбек дзюдочиси кумуш медал соҳиби бўлди

Лондонда ўтаётган XIV Паралимпия ўйинларининг иккинчи кунида ўзбекистонлик дзюдочи Шариф Ҳалилов кумуш медални қўлга киритди.

73 кг вазн тоифасида беллашган Ҳалилов ярим финалда россиялик Шабдан Қурбонов устидан ғолиб бўлди. Финал босқичида эса украиналик Дмитро Соловейга курашни бой берди.

Ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг ўтказиладиган Паралимпия мусобақалари ногирон ва жисмоний имконияти чекланган спортчилар учун энг йирик халқаро спорт тадбиридир.

29 августдан 9 сентябргача бўлиб ўтадиган XIV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини 10 нафар спортчи уч спорт тури бўйича ҳимоя қилмоқда.

Ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон Олимпия жамоаси битта олтин ва учта бронза медалини қўлга киритиб жамоалар рўйхатида 47 ўринни эгаллаган эди.