Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан қарийб 4 миллиард доллар қарз олмоқчи

Ўзбекистон келажак беш йил ичида Осиё тараққиёт банкидан қарийб 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олишни режаламоқда.

Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2012-2016 йиллар мобайнида амалда бўладиган Беш йиллик ҳамкорлик дастури доирасида энергетика, транспорт, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва микромолиялаштириш соҳаларида 35 та қўшма лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 8,6 миллиард долларни ташкил қилиши айтилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён Осиё тараққиёт банкининг аъзоси бўлиб ҳисобланади. Ўтган 17 йил давомида Тошкент бу молия институтидан 2,8 миллиард доллар қарз олган.