Taдбиркорлик фаолиятига аралашувга жазо кучайтирилди

12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексга киритилган ўзгартишлар кучга кирди. Мазкур ўзгартиш хўжалик субъектлари фаолиятига ноқонуний равишда аралашган давлат амалдорлари жавобгарлигини оширишни кўзда тутади.

Жорий йил 12 июлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси¸ 30 август куни Сенат томонидан тасдиқланган мазкур ўзгартишлар 11 сентябр куни президент томонидан маъқулланди ва бугун республика матбуотида эълон қилиниши билан кучга кирди.

Иккала Кодексга киритилган ўзгартишларга кўра¸ тадбиркорлик фаолиятига қасддан текширув уюштириш орқали аралашув¸ хизмат ваколатидан фойдаланиб хўжалик субъектлари фаолияти ëки улар банк операцияларини тўхтатиш ва қонунда кўзда тутилмаган тарзда улардан ҳисобидаги пул миқдори ҳақида маълумот талаб қилиш тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув деб белгиланди.

Бундай қонунбузарликлар учун оддий фуқароларга энг кам иш ҳақининг 2-5 бараварида¸ амалдорлардан эса 15-50 бараварида жарима солинади.

Жиноят Кодексининг айни қонунбузарлик учун белгиланган жазоси ҳам янги ўзгартишга мувофиқ кескинлаштирилди ва маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг ҳам айни қонунбузарликни содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг 150-300 бараварида жарима ëхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш белгиланди.

Ўзбекистонда ҳозирги пайтда президент фармони билан энг кам иш ҳақи
72,355 сўм қилиб белгиланган.