Швейцария прокуратураси тўрт нафар ўзбекистонликнинг банк ҳисоб рақамларини ҳибс этди

Швейцария расмийлари пул ювиш ишига алоқадор Ўзбекистон фуқароларининг банк ҳисоб рақамлари ҳибс этилганини тасдиқлади.

Бу ҳақда чоршанба куни матбуотга маълум қилган Швейцария прокуратураси расмий вакили Жаннет Балмер “август ойида мамлакатдаги бир нечта банкда бир неча юз миллион франк музлатиб қўйилди”, деди, лекин бошқа тафсилотларни очиқлмади.

Ўтган ой бошида Швейцария прокуратураси Озодлик сўровига жавобан йўллаган расмий хатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси Женевада қўлга олинганини тасдиқлаган эди.

"Айни вақтда бу иш бўйича тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси пул ювиш (ғайриқонуний йўл билан топилган даромадни машрулаштириш-таҳр.) амалиëтига алоқадорликда айбланмоқда. Икки киши ҳибсга олинди", дейилади Швейцария прокуратураси Озодликка юборган баёнотда.

Ҳибсга олинганлар исмлари келтирилмаган бўлса-да, улар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca-Cola-Uzbekistan ширкати ходимлари Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев эканига оид жиддий ишоратлар бор. Ўзбекистон фуқаролари Швейцариядаги Lombard Odier банкидаги пул ювишга алоқадор деб кўрилган ҳисоб рақамларга даҳл қилган пайтда ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси пул ювишда айблаётган Ўзбекистон фуқароларининг қолган икки нафари Гаянэ Авакиян ва Беҳзод Аҳмедовлардир ва уларнинг ҳам президент қизига яқин алоқаси борлиги айтилади.