Ўзбекистон президенти Туркманистонга сафар қилмоқчи

Ислом Каримов яқин фурсатда Туркманистонга сафар қилмоқчи¸ деди Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб қайта тайинланган Жавҳар Изомов.

Изомовнинг Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга ишонч ёрлиғини топшириш пайтида Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги аҳволи, давлатлараро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,7 мартага кўпайиб, 454,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Бунинг 168,6 миллион долларини Ўзбекистон экспорти, 285,7 миллион долларини эса Туркманистон маҳсулотлари импорти ташкил қилган.

Расмий маълумотларга кўра¸ ҳозирда Ўзбекистонда Туркманистон сармояси иштирокида ташкил этилган еттита қўшма корхона, Туркманистонда эса ўзбекистонлик инвесторлар иштирокида тузилган олтита қўшма корхона фаолият юритмоқда.