Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудуди шартномасига қўшилмоқчи

МДҲ Бош вазирлари кенгаши йиғилиши иштирокчилари, С.Петербург, 2011 йил 18 октябр.

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари кенгашининг Ялта шаҳрида 28 сентябр куни бошланадиган йиғилишида Ўзбекистоннинг МДҲ доирасида тузилган Эркин савдо ҳудудига қўшилиши масаласи муҳокама этилади.

Буни МДҲ Ижроя қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ялта учрашувида йигирмадан ортиқ масала, жумладан, информацион жамият шакиллантириш ва ривожлантиришда МДҲ давлатларининг стратегик ҳамкорлиги, 2015 йилга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш каби масалалар ҳам муҳокама этилиши режаланган.

2011 йил 18 октябр куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Бош вазирлари ҳамдўстлик доирасида Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш ҳақидаги шартномани имзолаган.

Ҳужжатга Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Арманистон. Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон Бош вазирлари имзо чеккан.

Шартномани Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистон имзоламаган. Бироқ мазкур давлатлар келишувга қўшилиш ниятида экани билдирилган.

Эркин савдо ҳудуди ҳақидаги шартнома 20 сентябр куни кучга кирди.