Ўзбекистон бўйлаб кўмир нархи бир хил бўлади

Кейинги йилларда кўмир Ўзбекистонда ҳам тонналаб эмас, Афғонистондагидай қопларда сотилмоқда

Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган кўмир савдосига оид қарор 4 октябрдан кучга кирди.

Бу ҳақда хабар қилган СА-News агентлигига кўра, “Ўзбеккўмир” ҳиссадорлик жамиятининг ҳудудий дистрибьютерлик марказларида сотиладиган кўмир нархи мамлакат бўйлаб бир хил бўлади.

Айтилишича, кўмир нархини белгилашда унинг маркаси ва сортидан келиб чиқиб “Ўзбеккўмир” белгилайдиган улгуржи савдо нархидан, кўмирни омборлардан сақлаш ва сотиш марказларига ташишга сарфланадиган сарф-ҳаражатдан келиб чиқилади ҳамда рентабеллик ҳисобга олинади.

Кўмирнинг шу кундаги нархи тўғрисида хабарда маълумот келтирилмаган.

“Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти матбуот котиби Светлана Ким 4 октябр куни Озодликка бундай маълумот берди: “Ўзбекистон корхоналарида кўмир ишлатиш ҳажми 2020 йилга бориб тўрт баробарга кўпаяди. Ҳозир корхоналар йилига 2 миллион тонна кўмир ишлатаëтган бўлса¸ 2020 йилга бориб бу рақам 9 миллион тоннага етиши мумкин”.