Human Rights Watch: Россияда вазият оғирлашмоқда

Human Rights Watch ташкилотнинг Москва бўлими ходими Татьяна Локшина.

Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимояси фаолияти билан шуғулланувчиларга нисбатан хавф-хатар ошиб бормоқда. Human Rights Watch баёноти ташкилотнинг Москвадаги бўлими ходими Татьяна Локшинага бўлаётган таҳдидларга жавоб тарзида янгради.
Human Rights Watch ташкилотининг Москва бўлими ходимлари сўнгги пайтларда ўзларига нисбатан қилинаётган жиддий таҳдидлардан ташвиш билдирмоқда.

Хусусан, Human Rights Watchнинг Москваги бюроси бош тадқиқотчиси Татяна Локшина сўнгги бир ҳафта давомида СМС орқали тинимсиз таҳдидлар тўғрисида матбуот анжуманида маълум қилди.

“Кунига иккитадан олтитагача келаётган бу СМС-таҳдидларда менинг шахсий ҳаётим ва фақат ўзимга маълум бўлган маълумотлар келтирилган”, деди журналистлар олдида қилган чиқишида инсон ҳуқуқлари фаоли.

- Душанба куни эрталабдан самолётга билет олаётганимдан бошлаб шу СМСларни ола бошладим. Бу СМСларда менга, менинг ҳали туғилмаган боламга таҳдид қилишди. Бу ёзувлар муаллифлари гуё менинг Шимолий Кавказдаги махфий исломий тузилмалар билан алоқам борлигида айблашмоқда,- дейди Татяна Локшина.

10 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган эксперт Татяна Локшина бундай таҳдид хатларини бундан олдин ҳам кўп маротаба олгани, бироқ буниси ўта жиддий экани ва бу маълумотлар фақат унинг орқасидан узоқ кузатишлар натижасида олиниши мумкинлигини гапирди.

Татяна Локшина бу СМСлар юзасидан ФСБ ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларига аризалар юборилганидан сўнг таҳдидлар тўхтагани, бироқ матбуот-анжумани арафасида ташкилотнинг Москва бўлим ходимларининг деярли барчаси яна таҳдид хатларини олганини маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳаракатларда ўз ҳаётларига жиддий хавф мавжудлигидан хавотир билдирмоқда, боиси Россияда қатор ҳуқуқ ҳимоячилари жонига қасд қилингани ҳеч кимга сир эмас.

Александр Черкасов “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими:

- Бизнинг дўстларимиздан Кавказ билан боғлиқ, аниқроғи россиялик милиция ходими Сергей Лапин ишини олиб бораётган 3 киши – журналист Анна Политковская, ҳуқуқ ҳимоячиси Наталя Эстемирова, адвокат Станислав Маркеловлар – улар барчаси ўлдирилган, дейди Александр Черкасов.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу таҳдидлар уларни қўрқитишга, ўз фаолиятини олиб боришга тўсқинлиқ қилишга қаратилгани ва бу қўрқитишлар, айниқса, Россияда нотижорат ташкилотлари ёки, бошқача номи билан, “агентлар” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинганидан кейин авж олганини таъкидлашмоқда.

Human Rights Watch Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозирда энг оғир дамларни бошидан кечираётганини билдирмоқда.

Human Rights Watch ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Рот мазкур вазият юзасидан Интернет орқали махсус баёнот эълон қилди.

http://www.youtube.com/embed/Z8Y-mOoODfI?feature=player_detailpage


Унинг фикрича, Россияда ҳукуматнинг фуқаролик жамиятини чеклашга қаратилган сиёсати ҳуқуқ ҳимоячиларининг “маргиналлашувига” олиб келади.

- Ўйлайманки, Россияда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган қаттиқ босим тўғрисида хабарингиз бор. Намойишчилар сонини кескин камайтиришга қаратилган ҳаракатлар, ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотларни “хориж агентлари” сифатида тавсифлаш ҳамда “туҳмат” ва “давлат хоинлиги” тўғрисидаги қонунларнинг тикланиши бунга яққол далилдир. Ҳозир Россиядаги йигирма йиллик фаолиятимиз давомида ҳуқуқ ҳимоячилари бошдан кечираётган энг оғир даврлар юзага келганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Москванинг халқаро ҳамкорлари ҳукуматнинг олиб бораётган советлар “даврига” қайтиш сиёсати мамлакатни яккалаб қўйишидан огоҳлантиришлари керак,- деди Human Rights Watch ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Рот ўзининг махсус видеобаёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябр куни Кремлнинг кескин танқидчиси, “Новая газета” мухбири Анна Политковскаянинг Москвада ўлдирилганига олти йил тўлди. Журналист қотиллари ҳанузгача топилган эмас.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра¸ 2000 йилдан бери Россияда камида 19 журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ўлдирилган.