Жанубий Корея делегацияси Ўзбекистонга келди

Сўнгги пайтларда Тошкент ва Сеул ўртасидаги алоқалар янада илиқлашгани кузатилмоқда.

Жанубий Корея давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги делегацияси кеча Тошкентга келди.

Podrobno.uz сайтининг хабар қилишича, мазкур ташриф Ўзбекистон-Корея савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистонда 23 октябргача бўлажак делегация таркибига Корея корчалонлик доиралари вакиллари ҳам киргани айтилмоқда.

Ташриф чоғида кореяликларнинг Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва маҳкамалар билан консултатив учрашув ва музокаралар ўтказиши, ахборот технологиялари соҳасида мавжуд икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари билан танишиши режаланган.

Шунингдек, корейс делегацияси ташрифи чоғида Ўзбекистонда Корея филмлари анжумани ҳамда “Корея ҳуснихатининг нафис олами” деб номланган кўргазма ўтказилади. Ҳар иккала тадбир ҳам Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан уюштирилмоқда.