Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Тожикистон халқаро ахборот хавфсизлигини кучайтирмоқчи

Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Тожикистоннинг БМТдаги доимий вакиллари халқаро информацион хавфсизлиги соҳасида янги тартибни жорий қилиш ташаббуси билан чиқди.

Илгари сурилаётган лойиҳада давлатларнинг “информацион-коммуникацион технологиялар, жумладан тармоқларни душманона ва агрессия ҳаракатларини амалга ошириш, халқаро тинчликка таҳдид солиш ва информацион қуролларни тарқатиш мақсадида ишлатмаслик” масъулиятини ўз зиммасига олишини кўзда тутади.

Росбалт агентлигининг хабар қилишича, мазкур резолюция лойиҳаси БМТ Бош Ассамблеясининг бошқа аъзолари билан муҳокама қилинади.

Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Тожикистон делегацияларидан тушган мактубда айтишича, таклиф этилаётган қоидалардан асосий мақсад “информацион маконда давлатлар ҳуқуқлари ва масъулиятларини белгилаб беришдан” иборатдир.

Қоидаларда информацион-коммуникацион технологияларни ишлатган ҳолда жиноят ва террорчилик амалиётларининг содир этилишини бартараф қилишда давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳақида гап боради.

Таҳлилчилар мазкур ташаббус билан чиққан Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Тожикистон Интернет қаттиқ назорат қилинадиган давлатлар эканини қайд этмоқда.