Каримов Обамани табриклади

АҚШ Президенти Барак Обама.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов АҚШ Президенти Барак Обамани сешанба кунги сайловда қайта сайлангани билан табриклади.

Оқсарой матбуот хизматининг пайшанба куни маълум қилишича, президент Каримов Обамага қутлов телеграммаси юборган.

6 ноябр кунги сайловда АҚШнинг иқтидордаги президенти республикачи рақиби Митт Ромни устидан ғалаба қилди.

Обама АҚШ сайлов тизимида ғолиблик учун талаб қилинадиган 270 электорал овоздан анча кўпроқ, 303 овоз олди. Ромни ғалаба қилган штатлар бўйича 206 электорал овоз тўплай олди холос.

Президент сайлови тақдири ҳеч бир номзодни аниқ қўллаб-қувватламайдиган Оҳайо, Виржиния, Ню Ҳэмпшир, Невада ва Колорадо каби "оғмачи" штатлардаги натижаларга кўра белгиланди. Ҳозирча Флорида штатида ким ғолиблик қилгани аниқлангани йўқ, лекин бу президент сайлови натижасига таъсир қилмайди.