Тошкентда шахмат бўйича халқаро мусобақа ўтказилади

Шу йилнинг 21 ноябридан 5 декабригача Тошкентдаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Халқаро Шахмат федерацияси (FIDE) шахмат бўйича гран-присининг яна бир босқичи ўтказилади.

Унда жаҳоннинг 12 нафар энг кучли гроссмейтери иштирок этади.

Тадбир FIDE, Форум жамғармаси ва Ўзбекистон Шахмат федерацияси томонидан уюштирилган.

Халқаро шахмат федерациясининг шахмат бўйича гран-приси 6 босқичда ўтказилади ва 2 йил давом этади. Бу босқичларда ғолиб бўлган 3 нафар энг яхши шахматчи жаҳон чемпиони унвони учун кураш олиб боради. Мазкур беллашув 2014 йили ўтказилиши кутилмоқда.

Гран-прининг биринчи босқичи шу йилнинг сентябр-октябр ойларида Лондонда бўлиб ўтган. Иккинчи босқич Тошкентда ўтганидан кейин қолган босқичлар 2013 йили Лиссабон, Мадрид, Берлин ва Парижда ўтказилади.

Тошкентдаги шахмат мусобақаси FIDEга аъзо бўлган 170 мамлакатда бевосита трансляция қилиниши айтилмоқда.