ИТБ Ўзбекистонга $100 миллион кредит беради

Ислом тараққиёт банки Тошкент вилоятидаги Фарҳод ГЭСи ва Қуйи Бўзсув каскадидаги 14-ГЭСни модернизациялаш лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит беради.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага асосоланиб Интерфакс ахборот агентлигининг хабар беришича, шу ҳақдаги шартнома Араб координация гуруҳининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида имзоланган.

2012-2015 йилларда амалга оширилиши режаланган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 165,7 миллион доллар экани айтилмоқда.

Араб координация гуруҳи 1975 йилда тузилган.

Унинг вазифаси Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, ОПЕК Тараққиёт жамғармаси, Кувайтнинг Араб тараққиёт жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармаси каби молиявий ташкилотлар фаолияти самарадорлигини назорат қилишдан иборат.