Ўзбекистонлик ёш футболчилар Жаҳон чемпионатига йўлланма олди

Ўзбекистоннинг футбол бўйича ёшлар (U19) терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ўтаётган Осиё чемпонати чорак финалида суриялик тенгқурларини мағлуб этиб, мусобақа ярим финалига йўлланмани қўлга киритди.

11 ноябр куни "Фужайра" стадионида ўтган ўйин асосий вақтида 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этилди.

Қўшимча таймларда ҳам ҳисоб ўзгармаганидан кейин навбат пеналтилар сериясига келди.

11 метрлик зарбалар сериясида суриялик ёшлар бирор марта ҳам Ўзбекистон дарвозасини ишғол этолмади. Мураббий Аҳмаджон Мусаев шогирдлари эса зарбаларни хатосиз ижро этиб, пеналтилар сериясида 3:0 ҳисобида ғолиб бўлишди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати ярим финалига чиқиш билан бирга 2013 йили Туркияда ўтадиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига ҳам йўлланма олди.

14 ноябр куни ўтадиган ярим финал учрашувида Ўзбекистон жамоаси чорак финалда Эронни мағлуб этган Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади.