Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллионни қоралаб қолди

Ўзбек оқсоқоллари Самарқанддаги Шоҳи Зинда мақбараси олдида (2012 йил августида олинган сурат)

2012 йил 1 октябригача бўлган маълумотга мувофиқ, Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи аҳоли сони 29 миллион 874 минг кишини ташкил этган.

Бундай маълумот Давлат статистика қўмитасининг 9 ой якунлари бўйича тақдим этган ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон шаҳарларида 15,2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилса, қишлоқ жойларида бу кўрсаткич 14,6 миллион кишини ташкил этади.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, Самарқанд вилояти аҳоли энг кўп яшайдиган ҳудуд ҳисобланади - бу ерда 3,36 миллион киши яшайди. Ундан кейин Фарғона вилояти (3,31 млн.), сўнг Қашқадарё вилояти (2,81 млн.) келмоқда. Пойтахт Тошкентда эса, Давлат статистика қўмитасига кўра, 2,33 миллион киши яшайди.
Энг кам аҳоли сони Сирдарё (747 минг) ва Навоий (886 минг) вилоятларига тўғри келмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жорий йил январидан сентябр ойигача туғилиш коэффициенти 20,4 промиллени ташкил этган, бу 2011 йилнинг шу даврига қараганда 0,2 промиллега камдир. Ўлим коэффициенти эса 0,1 промиллега ошиб, 4,7 ни ташкил этган.

2012 йилнинг 3 чорагида 189,3 мингта никоҳ ва 13,9 мингта ажралиш қайд этилган. Ажралишларнинг энг катта қисми Тошкент (2,8 минг) ва Тошкент вилоятига (1,7 минг) тўғри келмоқда.