Тошкентда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи музокаралари ўтказилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Норбер Жустен етакчилигидаги делегация билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси тарқатган хабарномага кўра, сўзлашувларда Ўзбекистон-ЕИ сиёсий мулоқоти доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва турли даражадаги контактларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Хабарномада айтилишича, икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналиши хавфсизлик таҳдидлари, халқаро кун тартиби ва Ўзбекистон миллий манфаатлари инобатга олинган ҳолда Тошкент ўз зиммасига олган тамойилларнинг амалга тадбиқ қилинишига қаратилгандир.

Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва ЕИ делегацияси ўртасида икки томонлама шериклик ва ҳамкорлик келишувига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги протокол имзоланди.

Ўзбекистон-ЕИ сиёсий мулоқоти Брюссел Тошкентга нисбатан Андижон воқеалари билан боғлиқ санкциялар бекор қилингач йўлга қўйилган эди.