Россияда ўзбек автомобилларининг харидори бироз озайган

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан Россияда сотилган автомобиллар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга камайди. Бу ҳақда Европа бизнеси ассоциациясининг Автомобилсозлар қўмитаси маълум қилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Россияда ўтган ойда 2011 йил октябрига қараганда 10 фоизга кам сотилган. Агар ўтган йил октябрида бу мамлакатда 7856 дона ўзбек автомобили сотилган бўлса, бу йил мазкур рақам 7104 донани ташкил қилган.

Жорий йил январидан ноябригача Россияда GM Uzbekistan маҳсулоти бўлган 45431 дона Nexia ва 28158 дона Matiz сотилгани айтилмоқда.

2012 йилнинг ўн ойи натижаларига кўра, Россияда энг кўп сотиладиган автомобиллар орасида Nexia 13-ўринни, Matiz эса 23-ўринни эгаллаган.