2013 йили Ўзбекистонда яна 8510 та намунали уй қурилади

Uzbekistan - News houses, where?, undated

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари 2013 йилги давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлади.

Лойиҳада 2013 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 8 фоиз, ишлаб чиқариш маҳсулотлари ҳажми 8,4 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳаси 6 фоиз, капитал сармоя соҳаси 9,3 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Депутатларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, келгуси йили ЯИМ ҳажмига нисбатан давлат бюджети даромадлари 21,3 фоиз, сарф-ҳаражатлари 22,3 фоиз, дефицити эса 1 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Шунингдек, келгуси йили жисмоний шахсларга нисбатан даромад солиғини 9 фоиздан 8 фоизга тушириш режалаштирилган.

2013 йилда Ўзбекистон ижтимоий соҳасини ривожлантириш учун давлат бюджетининг 59 фоизи ажратилиши белгиланган.

Бу маблағга, жумладан, республикада учта йирик юқумли касалликлар шифохонаси, 5 та 400 ўринлик сил касалини даволовчи санаторий, 54 та туман шифохонаси қурилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, 313 та умумий ўрта таълим мактаби ва 228 та академик лицейни капитал таъмирдан чиқариш кўзланган.

Мамлакат молия соҳасини қувватлаш учун эса 2013 йилда 2,8 триллион сўм (1,03 млрд. доллар) ажратилиши белгиланган ва бунинг айни йилдагидан 22 фоизга ошиқ экани айтилмоқда.

2013 йилда ҳам қишлоқ ҳудудларида аҳоли учун 8 минг 510 та намунавий уй қурилиши ва бунинг учун давлат бюджетидан 1 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.