Самарқандда 1,5 метрлик Қуръон қўлёзмаси яратилди

Самарқандлик ҳаттот Шавкат Истамов Қуръони каримнинг 1,5 метрлик қўлёзма нусхасини яратди.

Беш йил давом этган меҳнат маҳсули экани айтилаётган 311 варақлик китобнинг бўйи 1,5 метр, эни 86 см, қалинлиги эса 10 см дан иборат. Китобнинг оғирлиги эса юз килограммни ташкил этади.

“XXI аср” газетасининг ёзишича, "Гиннес рекордлар китоби"га киритиш мумкин бўлган ушбу Қуръон самарқандлик ҳаттотнинг биринчи иши эмас. Бир неча йил аввал у баландлиги 1 метр ва оғирлиги 40 килограммли муқаддас китоб қўлёзмасини яратган эди.

Асли касби инженер-механик бўлган Шавкат Истамов аввалроқ Алишер Навоий, Абу Абдуллоҳ Рудакий, Ҳофиз Шерозий, Паҳлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём асарларининг ўзбек ва форс тилларидаги қўлёзмаларини ҳам ёзиб чиққан.