Ўзбекистонда ДНК миллий маълумотлар базаси яратилади

Ўзбекистонда ДНК миллий маълумотлар базаси ташкил қилинади. РИА Новости агентлигининг, Олий мажлис матубот хизматига таяниб, хабар қилишича, бундан мақсад жиноятчиликка қарши курашни кучайтиришдир.

Ўзбекистон парламентининг 2013 йилга қадар “генетик регистрация”га оид қонун лойиҳасини кўриб чиқиши кутилмоқда. Мазкур қонун фуқаролардан биологик наъмуналарни олиш ва сақлаш учун қонуний базани яратиб беради.

Ҳукумат томонидан ўтган ҳафта маъқулланган қонун лойиҳаси ташаббускори Ўзбекистон Адлия вазирлигидир. Парламент матбуот хизматининг РИА новостига билдиришича, ДНК маълумотлар базаси “жиноятчиликни фош этиш ва унинг олдини олишда” муҳим аҳамият касб этади.

ДНК регистрацияси ички ишлар вазирлиги томонидан назорат қилиниши ва ихтиёрий равишда амалга оширилиши, лекин жиноий жавобгарликка тортилганлар ва маҳкумлардан мажбурий тарзда ДНК наъмуналари олиниши айтилмоқда.

ДНК – ҳар бир одам организмида уникал бўлган дезоксирибонуклеин кислотасидир.