Ўзбекистонда Қамчиқ довони орқали ўтадиган темир йўл қурилади

Тошкент ва Фарғона водийсини боғлаб турувчи Қамчиқ довони.

Ўзбекистонда Фарғона водийсини Қамчиқ довони орқали мамлакатнинг қолган ҳудудлари билан боғлайдиган темир йўл қурилади.

Мазкур лойиҳага 1,9 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланиши тахмин этилмоқда.

Қурилиши 2014 йилдан бошланажак бу лойиҳани давлат бюджети, «Ўзбекистон темир йўллари» ширкати маблағи ҳамда хорижий молиявий институтлардан олинадиган қарз эвазига амалга ошириш мўлжалланган.

129 километрга узанажак «Ангрен-Поп» темир йўл линияси Қамчиқ довони орқали ўтиши ва у ерда икки тунел қазилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2010 йил 1 январидан бошлаб тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишда Тожикистон орқали ўтадиган темир йўл хизматидан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Ўша йил 1 февралидан эса Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан ўтадиган Андижон-Бухоро йўловчи поезди қатнови ҳам тўхтатилганди.

Денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда бўлган Қамчиқ довонидан Фарғона водийсини пойтахт билан боғловчи ягона автомобил йўли ўтган. Қиш мавсумида кўчки хавфи бўлгани туфайли бу автойўл вақти-вақти билан ёпиб турилади.