Ўзбекистон ва Туркия сиёсий маслаҳатлашув ўтказди

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 11 декабр кунги учрашувда Туркия делегациясига Ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳмат Фотиҳ Жайлон бошчилик қилган.

Мулоқот чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Ўзбекистондаги Туркия элчихонаси берган маълумотга кўра, 2012 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги савдо айланмаси 845 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Бунинг 270 миллион доллари Ўзбекистон экспортини, 575 миллион доллари импортни ташкил қилган.

Ўзбекистон хусусий секторига сўнгги 8 ой ичида Туркия ётқизган сармояси бир миллиард АҚШ долларидан ошган.